Ассоциация Устави

 

Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси

V съездининг 2017 йил 28 октябрдаги Қарори  билан ТАСДИҚЛАНГАН

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги томонидан

2017 йил “10”ноябрь 288-сон

билан рўйхатга олинган.

  

ЎЗБЕКИСТОН СУДЬЯЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИ

УСТАВИ

 (янги таҳрирдаги)

 

 

  1. Умумий қоидалар

1-модда. Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси (кейинги матнларда ассоциация) Ўзбекистон Республикаси судьяларининг ихтиёрий тузилган нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмаси хисобланади.

Ассоциация Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент  шаҳрида ўзининг филиалларига эга бўлиши мумкин.

2-модда. Ассоциация Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатади.

3-модда. Ассоциация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонунлари ва ушбу Устав асосида амалга оширади.

4-модда. Ассоциация ўз мулки ва маблағига эга бўлиш, Уставда назарда тутилган мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси ва чет элларда  Ўзбекистон Республикаси Қонунларида таъқиқланмаган шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

 5-модда.  Ассоциация ихтиёрийлик, ўз-ўзини бошқариш, демократия, қонунийлик, ошкоралик ва ўз аъзолари олдида ҳисобдорлик тамойилларига риоя қилган ҳолда фаолият кўрсатади.

6-модда.  Ассоциация  мустақил юридик шахс бўлиб, тегишли банкда ўз ҳисоб рақамига, “Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси” деб ёзилган юмалоқ муҳрга эга.

 7-модда. Ассоциация съезд томонидан тасдиқланадиган ва тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказиладиган ўз рамзига эга.

Ассоциациянинг жойлашган ери (почта манзили): (100015) Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Хонзодабегим кўчаси, 8-уй.

  1. II. Ассоциациянинг асосий мақсад ва вазифалари

 8-модда.  Ассоциациянинг асосий мақсади ва вазифалари қуйидагилардан иборат:

а) суд-ҳуқуқ  ислоҳотини ўтказишда фаол иштирок этиш;

б) одил судловни амалга оширишда қонун устуворлигини таъминлаш борасида судьяларни қўллаб-қувватлаш, уларни турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш;

в) судлар мустақиллигини  кучайтириш ва суд ҳокимиятининг бошқа ҳокимият тармоқларидан мустақиллигини  таъминлашга кўмаклашиш, судьялар Олий кенгаши билан ҳамкорлик қилиш;

г) амалиётдан келиб чиққан ҳолда аҳоли ўртасида қонунларни тарғиб қилиш ишларида иштирок этиш;

д) Ассоциация аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш, моддий таъминотини яхшилаш ва рағбатлантириш масалалари юзасидан юқори инстанция судлари билан ҳамкорликда тавсиялар бериш ҳамда ваколатли органларга таклифлар киритиш;

е) давлат, жамоат ва бошқа ташкилотлар ҳамда муассасалар ишида ўз аъзолари номидан иштирок этиш;

ж) одил судловнинг сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларини  кўришда иштирок этиш;

з) Ассоциация  мақсадларига хизмат қилувчи қонун ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда ва уларни Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларига тақдим этилишида кўмаклашиш;

и)  Ассоциация фаолияти билан боғлиқ  масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга  бўлган давлат органларига  мурожаат қилиш;

к) халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотларига аъзо бўлиш;

л) суд фаолиятига фан-техника ва илғор тажриба ютуқларини жорий қилишга ёрдамлашиш;

м) судьялар, судьяликка  номзодлар учун ўқув  ва амалий  машғулотлар ташкил қилишда иштирок этиш;

н) Ассоциация ўз мақсад-вазифаларини амалга оширишда қонун ва Устав билан тақиқланмаган бошқа фаолиятлар билан ҳам шуғулланиш ҳуқуқига эга.

о) қонунда белгиланган  тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, ўз  матбуот органига эга бўлиш;

п) Ассоциация аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзининг жамғармаларини таъсис этиш;

III. Ассоциация тузилмаси ва бошқарув органлари

9-модда. Ассоциация таркибини унинг Марказий кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳрида тузиладиган филиаллари ташкил қилади.

Ассоциация раҳбар органларига Съезд ва Марказий кенгаш киради.

10-модда. Ассоциациянинг олий органи беш йилда бир марта чақириладиган съезддир.

Съезд Марказий кенгаш ташаббуси билан, Ассоциация филиаллари ёки аъзоларининг учдан бир қисмининг талаби билан  чақирилиши мумкин.

Съезднинг чақирилиш вақти, жойи ва кун тартиби ҳақида Марказий кенгаш томонидан Съезд ўз ишини бошлайдиган кундан камида бир ой илгари хабар  қилинади. Съездда қатнашувчи делегатлар сони Марказий кенгаш томонидан белгиланади.

11-модда. Съезд сайланган делегатларнинг учдан икки қисми қатнашган ҳолда  ваколатли ҳисобланади. Барча қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Ассоциацияни тугатиш ҳақидаги қарор Съездда қатнашаётган делегатларнинг учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади.

Овоз бериш тартиби Съезд томонидан белгиланади.

 12-модда. Съезднинг мутлоқ ваколатларига қуйидагилар киради:

а) Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

б) Марказий кенгаш аъзоларини ҳамда Ассоциация раисини сайлаш;

в) Тафтиш комиссиясини сайлаш;

г) Марказий кенгаш ва Тафтиш комиссиясининг ҳисоботларини тинглаш;

д) Ассоциациянинг халқаро ташкилотларга кириш ёки улардан чиқиш тўғрисидаги шартнома ва қарорларини тасдиқлаш;

е) Ассоциацияни қайта ташкил этиш ва уни тугатиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш.

 13-модда. Съездлар орасида Ассоциациянинг ижро органи  бўлиб, Съезд томонидан беш йил муддатга, очиқ овоз бериш йўли билан сайланадиган Марказий кенгаш ҳисобланади. Марказий кенгаш йигирма бир нафар аъзо ва муқобиллик асосида сайланадиган, бошқа вазифалардан озод қилинган, иш ҳақи билан таъминланадиган Ассоциация раисидан иборат таркибда бўлади.

 14-модда. Марказий кенгаш мажлислари заруратга қараб, лекин камида бир йилда бир марта ўтказилади. Марказий кенгаш  мажлисида, кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашаётган бўлса, қарор қабул қилишга ваколатли бўлади.

 15-модда. Марказий кенгашнинг ваколати қуйидагилардан иборат:

а) Кенгаш аъзолари орасидан Ассоциация раисининг ўринбосарини сайлаш, съездга тайёргарлик кўриш ва Съезд қарорларининг ижросини таъминлаш;

б) Съездлар орасида ассоциация фаолиятига  раҳбарлик қилиш, Ассоциациянинг жойлардаги филиал кенгашларининг низомларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

в) Ассоциация филиал кенгашлари раисларининг ҳисоботларини эшитиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш;

г) Ассоциациянинг молиявий ва хўжалик масалаларини  ҳал қилиш;

д) Тафтиш комиссиясининг  ҳисоботларини эшитиш;

е) Съездда тасдиқлаш учун Ассоциациянинг даромадлари ва  харажатлари ҳақидаги ҳисоботни тайёрлаш;

ж) Ассоциация раисининг эгаллаб турган лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги аризасини кўриш ва Съезд  чақирилгунга қадар  бу вазифани  бажаришни раиснинг ўринбосарларидан ёки Марказий кенгаш аъзоларидан бирига юклаш;

з) Ассоциация аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғармалар таъсис этиш, жамғарманинг Уставини тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда жамғарманинг директорини тайинлаш,  жамғарма фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни  тинглаш ва уларни  тасдиқлаш, жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

и) уставдан келиб чиқадиган ҳамда Съезднинг мутлоқ  ваколатига кирмайдиган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

16-модда.  Ассоциациянинг молиявий ва хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси Съезди Тафтиш комиссиясини сайлайди.

Тафтиш комиссияси раис ва икки нафар аъзодан иборат таркибда, очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.

 17-модда. Ассоциациянинг молиявий ва хўжалик фаолияти заруратга қараб, лекин камида бир йилда бир марта тафтиш қилиниб, натижалари ҳақида Марказий кенгашга ёки Съездга ахборот берилади.

 18-модда. Ассоциация раисининг ваколатлари ва ҳуқуқлари қуйидагилардан  иборат:

а) Съезд ва Марказий  кенгаш  мажлисларида раислик қилиш;

б) Ассоциациянинг фаолиятига бевосита  раҳбарлик қилиш;

в) давлат органларида, бошқа ташкилот ва муассасаларда ҳамда чет элларда  Ассоциация номидан иш олиб бориш;

г) Ассоциация номидан шартномалар тузиш;

д)  Ассоциация манфаатлари учун  зарур бўлган баъзи бир  вазифаларни бажариш учун Ассоциациянинг бошқа аъзоларига ваколат бериш;

е) Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясида фаолият кўрсатаётган ходимлар билан меҳнат шартномалар тузиш, ходимларнинг штат жадвалини  тасдиқлаш, зарур ҳолларда унга  тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

ж) эгаллаб турган лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги ариза билан Марказий кенгашга мурожаат қилиш ҳуқуқларига эга.

19-модда. Ассоциация раиси ўринбосарларининг ваколатлари Ассоциация раиси томонидан белгиланади.

Ассоциациянинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали раиси лавозимига кўра Ассоциация раисининг жамоатчилик асосида ўринбосари ҳисобланади.

20-модда. Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар филиалларининг юқори органи, унинг барча аъзолари қатнашадиган заруратига қараб, лекин икки ярим йилда камида бир марта чақириладиган  Конференциядир.

Конференцияни чақириш вақти, жойи ва кун тартиби филиал кенгаши томонидан Конференция иштирокчиларига камида ўн кун илгари маълум қилинади.

21-модда. Конференция икки ярим йил муддатга очиқ овоз бериш йўли билан уч-беш нафар аъзодан иборат филиал  кенгашини ва жамоатчилик асосида фаолият юритадиган филиал  раисини сайлайди. Филиал раиси судьялар билан ўтказиладиган барча анжуманларда қатнашиши мумкин.

Филиал  кенгаши мажлислари заруратга қараб, лекин бир йилда камида бир марта ўтказилади.

Филиал кенгаши мажлисида, кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашаётган бўлса, у қарор  қабул қилишга ваколатли бўлади.

Филиал кенгаши қарорлари оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди. Улар белгиланган тартибда тегишли адлия органларида ҳисоб рўйхатига олиниб, ўз фаолиятини Марказий кенгаш томонидан тасдиқланган Низом асосида олиб боради.

22-модда. Ассоциация филиаллари кенгашларининг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

а) Съездга ва Конференцияга тайёргарлик кўриш ва уларнинг қарорлари ижросини таъминлаш;

б) Конференциялар орасида филиал фаолиятига раҳбарлик қилиш;

в) судьяларни Ассоциация аъзолигига қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш;

г) филиал фаолиятлари тўғрисида ҳисоботлар тайёрлаш ва уларни Марказий кенгашга тақдим этиш;

д) судьяларнинг малакаларини ошириш мақсадида ўқув машғулотлари, семинарлар ва конференциялар ташкил этиш.

 23-модда. Ассоциация филиали  раисининг ваколатлари ва ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:

а) филиал кенгаши мажлисларига раислик қилиш;

б) филиал фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш;

в) Ассоциацияга аъзоликка кириш ва аъзоликдан чиқиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш ва уларни филиал кенгаши муҳокамасига  киритиш;

г) эгаллаб турган лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги ариза билан филиал кенгашига мурожаат қилиш ҳуқуқларига эга.

  1. Ассоциацияга аъзолик

24-модда. Ўзбекистон Республикасидаги барча судьялар ихтиёрийлик асосида Ассоциация аъзоси бўлишлари мумкин.

25-модда. Ассоциацияга илгари судья бўлиб ишлаб, бенуқсон нафақага чиққан шахслар ҳам аъзо бўлиши мумкин.

26-модда. Ассоциация аъзоси ҳар ойда  энг кам ойлик иш ҳақининг қирқ фоизи миқдорида аъзолик бадали тўлайди. Ассоциация аъзоси, ўзининг хоҳишига кўра, бир йиллик аъзолик бадалини бирданига  тўлаши ҳам мумкин.

Аъзолик бадаллари пул ўтказиш йўли билан ёки нақд пулда тўланиши мумкин.

Суд тизими фаҳрийлари аъзолик бадалларини тўлашдан озод қилинади.

27-модда. Ассоциация аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси  Съездига делегат бўлиш, унинг раҳбар органларига сайланиш ва сайлаш;

б) Ассоциация Уставига  ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклиф бериш;

в) Ассоциацияга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилиш;

г) Кенгаш мажлисларида маслаҳат овози билан қатнашиш;

д) Филилал кенгаши қарорларидан норози бўлган ҳолларда марказий кенгашга мурожаат қилиш.

28-модда.  Ассоциация аъзосининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

а)  аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаш;

б)  Ассоциация фаолиятида фаол қатнашиш;

в) Ассоциациянинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш.

29-модда. Ассоциацияга аъзолик қуйидаги асосларга кўра тугатилади:

а) Ассоциациядан ихтиёрий чиққанда

б) Ассоциация аъзоси вафот этганда;

в) судьялик шаънига доғ туширган ҳолларда;

г) унга нисбатан қонуний кучга кирган айблов ҳукми бўлганда.

 30-модда.  Ассоциация аъзолигидан чиққан шахсга у тўлаган аъзолик бадаллари қайтарилмайди.

  1. V. Ассоциациянинг мол-мулки ва уни шакллантириш манбалари

31-модда. Ассоциациянинг пул маблағлари  ва мол-мулкини шакллантириш манбалари аъзолик бадалларидан ҳамда ҳомий ташкилотларнинг моддий ёрдамларидан ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа тушумлардан ташкил топади.

 32-модда. Ассоциация қонунда белгиланган тартибда ўз биноси, иншоотлари, техникаси, транспорт воситалари ва бошқа  мулкларига эга бўлиши мумкин.

Ассоциациянинг мулкларидан унинг мақсад ва вазифаларини бажариш йўлида фойдаланилади.

Филиалларнинг мол-мулкни бошқариш ҳуқуқлари Съезд қарори билан белгиланади.

  1. Ассоциация Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби

33-модда. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклиф Ассоциация филиалларининг ёки аъзоларининг ярмидан кўпи томонидан маъқулланган тақдирда Съезд муҳокамасига киритилади.

Ассоциация Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги  таклифлар шу масала  кўрилишидан бир ой илгари Ассоциация аъзоларига маълум қилинади.

34-модда.  Ассоциация Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида  қарор Съезд томонидан делегатларнинг кўпчилиги овози билан қабул қилинади.

VII. Ассоциацияни  қайта  ташкил қилиш ва тугатиш тартиби

35-модда. Ассоциация унинг олий органи – Съезднинг қарори билан тугатилиши  ёки қайта ташкил қилиниши мумкин. Ассоциацияни тугатиш ёки қайта ташкил қилиш ҳақидаги таклифлар Съезд ўз ишини бошлашидан камида  икки ой илгари Ассоциация аъзоларига маълум қилинади ва Ассоциация филиалларининг ёки аъзоларининг учдан бир қисми бу таклифни маъқуллаган тақдирда, у Марказий кенгаш томонидан Съезд муҳокамасига  киритилади.

36-модда.  Ассоциация тугатилган тақдирда  унинг тасарруфидаги мол-мулк Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига асосан уставда белгиланган мақсад ва вазифаларга йўналтирилади.