Судьялар адолат йўлида хизмат қилиши даркор

Фарғонада Судьялар Олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев жамоатчилик вакиллари, фахрийлар кенгаши, судьялик корпусини шакллантиришга кўмаклашувчи комиссия аъзолари, судьялар ва суд аппарати ходимлари, уларнинг ота-оналари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини юксалтириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.                        Бугунги кунда судлар том маънода “Адолат қўрғони” сифатида ўзини тўлиқ намоён этмоқда. Биргина судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Судьялар олий кенгашининг ташкил этилиши натижасида мамлакатимизда судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини амалда таъминловчи ҳимоя тизими яратилди.
Судьялар олий кенгаши томонидан ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар режаси амалиётга кенг татбиқ этилиб, жойларда турли даражадаги учрашув ва тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Мазкур очиқ мулоқот ҳам ана шулардан биридир.
Тадбирда судьялар ўз вазифасини қонуний ва адолатли бажариши учун монелик қилиши мумкин бўлган салбий иллатлар, хусусан, коррупцияга йўл қўймаслик энг устувор вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.
Судьялар олий кенгаши раисининг таъкидлашича, адолатни қарор топишида ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавиятли фазилатларга эга бўлган судьяларнинг ўрни беқиёс. Бирор кишининг ноҳақ айбланиши, масалан, қилмаган айби учун узоқ йилга озодликдан маҳрум этилишининг оқибатини тасаввур қилиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам соҳа вакиллари қонун ва адолат устуворлигини таъминлашга муҳим эътибор қаратишлари керак.
–Судьянинг хато қилишга ҳаққи йўқ, – дейди жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди раиси Фурқатжон Собиров. – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак. Бугунги учрашувда ҳам соҳа вакиллари олдидаги муҳим вазифалар ҳақида сўз юритилиб, судьялар фақат адолат йўлида, халқимиз манфаати учун хизмат қилиши зарурлиги айтиб ўтилди.

М. СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА