Судьялик — адолат ва ҳалоллик тарозуси бўлиши керак

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси:

        — БУГУНГИ КУНДА суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлаш, унинг жамиятдаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамлашга қаратилган Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси мамлакатимиз бўйлаб “Судьялик бу касб эмас — балки ҳаёт тарзидир”, деган эзгу ғояни судьялар онгига сингдириш мақсадида туркум учрашувлар ташкил этиб келмоқда.
Мазкур учрашувларда илк бор судьялик лавозимларига тайинланган ёш судьялар ва суд ходимлари, уларнинг ота-оналари ҳамда турмуш ўртоқлари иштирок этиб, улар билан очиқ мулоқот ўтказилади. Бу учрашувларда ёш судьялар ва суд идораларида хизмат қилиб келаётган ходимларимизни фаолиятини амалга оширишда ҳалол-пок бўлишга, адолатли қарор қабул қилишга даъват этмоқда.
Суд — одил судловни амалга оширувчи нуфузли давлат органи бўлиб, унда фаолият юритаётганларнинг барчаси халқимиз азал-азалдан талпиниб, ҳамиша ардоқлаб келадиган АДОЛАТни рўёбга чиқаришни мақсад қилган фидойи ва пок ниятли инсонлар бўлиши керак.
Мен кўп йиллик ҳаётий ва 52 йиллик суд соҳасидаги иш тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, ён-атрофимизда адолатга раҳна солишни истовчи баъзи бир кимсалар, эътибор қилинг давлат номидан қабул қилинувчи суднинг ҳукмини ёхуд қарорини ўзининг тубан нияти йўлида тамомила бошқача қилиб ўзгартиришга уриниб кўрувчилар кўплаб топилади. Бундай ғаламис кимсалар судьяни ўзининг манфур йўлига бошлаб кўришга астойдил ҳаракат қилади.
Лекин судья ва суд ходими унга билдирилган ишончни ҳеч қачон суиистеъмол қилмаслиги шарт. Ҳар қандай вазиятда ва шароитда ҳам адолат томонда туришга қодир бўлиши керак.
Ота-оналари фарзандларининг қулоғига сингдириши зарурки, унинг қилган ноқонуний хатти-ҳаракати биринчи навбатда ота-онасини уятга қўяди. “Фалончининг судья ўғли кимдандир пора олиб таъмагирлик қилибди” ёки “пора олаётганда қўлга олинибди”, деса у ота-она маҳаллада қандай юради, одамларнинг кўзига қандай қарайди?
Таъкидлаш жоизки, судьянинг турмуш ўртоғи қаноатли, сабр-тоқатли бўлиши керак. Чунки аёл кишининг ҳали у йўқ, ҳали бу йўқ, у нарса етмаяпти, бу нарса етмаяпти ёки фалончи ўртоғим фалондай кийим кийибди, фалон пулга тилла узук олибди, деб ҳоли жонига қўймаслиги, ўша судьянинг бир кун келиб моддий манфаат эвазига бирон-бир ноқонуний ишни бажариб беришига сабаб бўлиши мумкин.
Яна бир жиддий масала борки, бу ҳаммамизга таниш бўлган тўйҳашамлар ўтказиш. Тўғри, тўй ҳаммамиз орзу-ҳавас қиладиган миллий қадриятларимиздан бири. Лекин уни ортиқча дабдабабозликсиз, ҳаддан ташқари сарпо-саломларни кўпайтирмасдан, ихчам қилиб ўтказиш лозим.                         Санаб адоғига етиб бўлмайдиган ортиқча сарф-харажатлар билан судьяни таъмагирлик сари етакламаслиги керак. Бир сўз билан айтганда, нафс балосини кескин жиловлай билиш шарт. Зеро, қадим-қадимдан ҳам “Қозининг пора олиши, унинг диндан қайтишидир”, дейилган.
Шу соҳанинг оқсоқолларидан бири сифатида фаолиятим давомида бошимдан ўтказган ва ҳеч қачон ёдимдан чиқмайдиган бир воқеани тез-тез эслаб тураман…
XX асрнинг саксонинчи йиллари эди. Бир куни қабулимга бир аёл келди. Гапларини эшитсам, унинг турмуш ўртоғини қамоққа олишган экан. эрига орқасидан егулик овқат олиб борса, тергов органлари киргизишга рухсат бермабди. У дағ-дағ титраб, турмуш ўртоғи оғир бетоблигини айтди. Мен вилоят прокурорининг ўринбосари билан боғланиб, агарда қамоқдаги шахс жиноятчи бўлса, қонун доирасида жазосини олади, лекин, унинг касаллигини инобатга олиб, овқат олиб кирилиши масаласига ёрдам беришини сўрадим. Сўнг ўша аёлга қараб: “Турмуш ўртоғингизнинг қамоқда ўтиришига қайсидир маънода сиз ҳам сабабчисиз”, дедим. Аёл йиғламсираб: “тўғри айтаяпсиз, мен ҳам айбдорман”, деб гапимни тан олди.
Ўрни келганда, таъкидлаб ўтмоқчиманки, айрим судьяларнинг иш -юритуви, нотўғри хатти-ҳаракатлари устидан шикоят аризалари келиб тушмоқда. Баъзи бир фуқаролар суд ходимлари ўз вазифаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бажармаётганлигини, айрим ҳолларда суд қарорларидан кўчирмалар ололмаётганлигини баён қилишган. Минг афсуски, бундай мурожаатларнинг баъзи бирлари ўз тасдиғини топаётганлиги ҳам бор гап ва бу жуда ачинарли ҳолат.
Мен учрашувларда ота-оналарга мурожаат қилаяпман. Фарзандингиз кечагина судьяликка номзод ёки судья ёрдамчиси эди. Бугун у судья, деган юксак лавозимга тайинланди. Энди у кимнингдир тақдирини ҳал қилади ёки қайсидир ташкилотнинг фаолияти бўйича жиддий қарор қабул қилади. Бу осон эмас. Ундан жуда катта масъулият талаб қилинади. Афсус билан айтаман, кеча яхшигина рисоладагидек ишлаб юрган фарзандингиз бирдан ўзгариб, босар-тусарини билмай қолаяпти. Маҳалладан фақатгина ижобий тавсифнома берилганларнинг айримлари бугун қамоқхонада. Бунга нима сабаб?! Шу ҳақда ўйлаб кўряпсизми?! Ахир, у қайсидир бир инсонга қилган жинояти учун жазо тайинлаши керак-ку. Агарда судьянинг ўзи кимдандир пора олиб турса, порахўрга нисбатан қандай қилиб жазо тайинлаши мумкин?
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан судьялар ва суд тизими ходимларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамиятда обрў-эътиборини янада ошириш каби муҳим вазифалар, хусусан,  2018 йил 1 августдан бошлаб судья ва суд ходимларининг моддий таъминоти ва ижтимоий ҳимоясини янада ошириш белгиланди.
Жумладан, судьяларга автомобиль сотиб олиш, суд ходимларига эса уй сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғини давлат томонидан мажбурий суғурта қилиш, уларнинг пенсия таъминоти бўйича имтиёзлар белгилаш назарда тутилган.
Бу эса судья ва суд ходимларининг ўз касбига бўлган масъулиятини янада ошириб, ҳалол ва пок ишлашига, адолатли қарорлар қабул қилишига, шу билан бир қаторда муддатсиз судьялик даврига ўтишга ҳаракат қилишига катта замин яратади. Натижада, мамлакатимизда адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланади, бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини янада ошишига олиб келади.
Энди судьялар ва суд тизими ходимлари бу юксак ишончни ва катта имкониятни оқлаш учун сидқи-дилдан ҳалол ва пок бўлиб меҳнат қилиши шарт.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кун судьяси Президентимиз таъкидлаганидек: “Онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида эса — поклик” устувор бўлган шахс сифатида шаклланиши керак. Бошқача бўлиши мумкин эмас…