ХАЛҚАРО ЮРИСТЛАР ИТТИФОҚИ: МУШТАРАК МАҚСАДЛАР САРИ. XALQARO YURISTLAR ITTIFOQI: MUSHTARAK MAQSADLAR SARI.

Миллатидан ва қайси мамлакатдан бўлишидан қатъи назар юридик маълумотга эга жисмоний шахслар ва ҳуқуқий жамоат бирлашмаларини ўзида бирлаштирадиган, мамлакатлар ҳуқуқий ҳамжамиятлари ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мақсадли вазифаларни амалга оширадиган Халқаро Юристлар Иттифоқининг ташкил этилганлигига 30 йил тўлиши муносабати билан 2019 йилнинг 27 сентябрида Россия Федерациясининг Москва шаҳрида VII съезди бўлиб ўтди. Съезд билан бирга мазкур Иттифоқ ташкил этилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали юбилей санаси нишонланди.

Ушбу VII съездда Ўзбекистон Республикасининг делегацияси таркибида 3 нафар делегат – Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси вазифасини бажарувчиси Парахат Айтниязов, Ассоциация аъзоларидан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг раиси Бахтиёр Исломов ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти судининг раиси Акрам Шукуровлар иштирок этишди. Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ушбу ташкилотнинг аъзоси сифатида 1997 йилдан эътиборан Халқаро Юристлар Иттифоқи томонидан ташкиллаштириладиган барча тадбирларда қатнашиб келмоқда.

Халқаро Юристлар Иттифоқига ўзаро касбий манфаатлари асосида Россия Федерацияси, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Грузия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Молдова, Ўзбекистон Республикалари, Германия Федератив Республикаси, Буюк Британия, Франция, Испания, Янги Зеландия ва дунёнинг бошқа мамлакатларидан 30 мингдан ортиқ юристлар ва бир қанча жамоат ташкилотлари аъзо саналади.

Иттифоқ аъзолари юридик мутахассислик вакиллари, яъни, судьялар, адвокатлар, прокурорлар, нотариуслар, тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатадиган ва давлат хизмати тизимида ишлайдиган юристлар, ҳуқуқшунос-ўқитувчи ва олимлардан иборат. Халқаро Юристлар Иттифоқи 1989 йилда ташкил этилган бўлиб, фаолияти доирасида юристларнинг йирик жамоат бирлашмаларини ҳам ўз ичига олади. Хусусан, Россия Халқаро ҳуқуқ Ассоциацияси, Халқаро денгиз ҳуқуқи Ассоциацияси, Криминологик Ассоциацияси, Россия минтақалараро адвокатлар хайъати ва бошқалар шулар жумласидандир.

Иттифоқнинг фаолиятини мақсадли ташкил этиш учун Иттифоқ раиси, Мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ижроия қўмита ҳамда Тафтиш кенгаши сайланади ва мазкур халқаро ташкилотнинг барча фаолияти Иттифоқнинг доимий комиссияларига аъзоларни кенг жалб қилган ҳолда юритилади. Халқаро Юристлар Иттифоқининг асосий вазифалари дунё ҳамжамиятида ҳуқуқий фуқаролик жамиятини шакллантиришга ҳисса қўшишга, жамиятда фуқаролик келишувига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқий ҳамжамиятларни бирлаштириш каби эзгу мақсадларга қаратилган.

Съездда ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Халқаро Юрист­лар Иттифоқи раиси нутқ сўзлади. Шундан сўнг иттифоқ фаолиятига оид ҳисобот, тафтиш ҳайъатининг ҳисоботи эшитилди. Уставига тегишли ўзгартириш киритиш масаласи ҳал этилгач иттифоқ раиси, мувофиқлаштириш кенгаши ва тафтиш ҳайъатининг таркиби сайланди.

Съездда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси делегацияси раҳбари – Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси раиси вазифасини бажарувчи Парахат Айтниязов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:

– Халқаро Юристлар Иттифоқи 1989 йилда ташкил этилган бўлиб, фаолиятини собиқ Совет иттифоқ ҳуқуқшуносларининг вориси сифатида ўз уставига асосан амалга оширади. Россия Федерацияси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо ва бошқа давлатларнинг умумий касбий манфаатлари асосида ҳуқуқшунослар ва жамоат бирлашмаларини бирлаштирган Халқаро Юристлар Иттифоқининг съезд ва халқаро конференцияларида 15 йилдан буён қатнашиб келаман. Бир сўз билан айтиш мумкинки, бундай тадбирлар хорижий мамлакатлар билан халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва тажриба алмашишга имкон беради. Шунингдек, аъзо мамлакатларнинг Судьялар Ассоциациялари томонидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар борасида ўзаро фикрлашиш учун ҳам қулай шароит яратади.

Тадбир доирасида бир қатор ташкилий масалалар ҳал этилди. Хусусан, мазкур съездда Халқаро Юристлар Иттифоқи аъзолигига “Қирғизистон юристлари” Ассоциацияси қабул қилинди.

Съездда кўтарилган ва муҳокамага қўйилган масалалар юзасидан Ўзбекистон делегацияси ўз фикр ва мулоҳазаларини ўртага ташлади. Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда хорижий давлатлар судларининг жамоат бирлашмалари билан алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганлиги ҳам таъкидланиб, халқаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.

  • Журналист Шерзод ДАМИНОВ
  • Бош консультант Садриддин ГУЗАРОВ
  • Консультант Отабек ҚОДИРҚУЛОВ