Ассоциация фаолияти

Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси (кейинги матнларда ассоциация) Ўзбекистон Республикаси судьяларининг ихтиёрий тузилган нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмаси хисобланади. Ассоциация Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент  шаҳрида ўзининг филиалларига эга бўлиши мумкин. Ассоциация Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатади.

Ассоциация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонунлари ва ушбу Устав асосида амалга оширади.

Ассоциация ўз мулки ва маблағига эга бўлиш, Уставда назарда тутилган мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси ва чет элларда  Ўзбекистон Республикаси Қонунларида таъқиқланмаган шартномалар тузиш ҳуқуқига эга. Ассоциация ихтиёрийлик, ўз-ўзини бошқариш, демократия, қонунийлик, ошкоралик ва ўз аъзолари олдида ҳисобдорлик тамойилларига риоя қилган ҳолда фаолият кўрсатади. Ассоциация  мустақил юридик шахс бўлиб, тегишли банкда ўз ҳисоб рақамига, “Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси” деб ёзилган юмалоқ муҳрга эга.

Ассоциация съезд томонидан тасдиқланадиган ва тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказиладиган ўз рамзига эга. Ассоциациянинг жойлашган ери (почта манзили): (100015) Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Хонзодабегим кўчаси, 8-уй.