Ассоциация ҳақида

ЎЗБЕКИСТОН СУДЬЯЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ.

1997 йил 12 сентябрда Ватанимизда илк бора Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг шахсий ташаббуси билан Ассоциациянинг биринчи Съезди ўтказилди ва Ўзбекистон Судьялар Ассоциациясининг Устави қабул қилинди, ушбу съездда Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси тузилишига тамал тоши қўйилди. Ассоциация бу суд тизими органининг халқимиз олдидаги маъсулиятини янада оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган уюшма (иттифоқ) дир.

Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ҳар йили суд хуқуқ ислоҳотлари билан боғлиқ Давлат дастурлари ижросини таъминлаш маъносида ўзининг алоҳида дастур режасини тузади. Барча худудларда режага кўра ўтказиладиган тадбирларда (Семинар машғулотлари, давра сухбатларида) ўз вакиллари иштирокини таъминлайди.

2017 йил юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани муносабати билан Алоҳида Дастур тузилган, ушбу Дастурда “Уч авлод учрашуви”га алоҳида урғу берилган. Дастур бўйича ўтказиладиган тадбирларда судьяларнинг суд тизими фахрийлари ҳамда судьяликка номзодлар билан ўзаро фикр алмашишлари, ҳаётий тажриба устозлардан шогирдларга ўтади. Дастурда кўзда тутилган эзгу мақсадлар ҳозирги кунга қадар босқичма босқич амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси ўз ваколати доирасида судьялар ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда уларнинг маъсулиятини ошириш мақсадида Адлия вазирлиги тизимидаги Юристлар малакасини ошириш Марказида “Этика қоидалари” дан маърузалар ўтиш таклифи билан чиқган ва ушбу таклиф тегишли, муайян раҳбарлар томонидан маъқулланган.

Ҳозирги пайтда Юристлар малакасини ошириш марказига келган судья ва судьяликка номзодлар билан Ўзбекистон суд тизими тарихи, одоб ахлоқ қоидалари, суд этикаси ва бошқа мавзуларда ҳар ойда икки соатлик учрашув, давра сухбати ўтказилади.

Ассоциация Уставида унинг нодавлат халқаро жамоатчилик ташкилотларига аъзо бўлиши мумкинлиги белгиланган. Фан техника тараққиёти ва илғор тажриба ютуқларини жорий қилишда ваколатли органларга кўмаклашиши, шартномавий битимлар тузишлари ҳам кўзда тутилган. Юқоридаги мақсадлардан келиб чиқиб Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва айрим бошқа хорижий давлатларнинг халқаро ташкилотлари, Ассоциациялари (иттифоқи) билан ҳамкорлик қилиш масалаларида ҳам ижобий ишларни амалга ошириб келган.

Жумладан, Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси ташаббуси билан Тошкент шаҳрида “Германия техник ҳамкорлик жамияти” ёрдамида Марказий Осиё давлатларининг судьялари ва Ассоциация вакиллари иштирокида “Суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича асосий йўналишлар ва чоралар” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Судьялари Ассоциациялари билан ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва доимий хамкорлик тўғрисида келишув баённомалари тузилган.

2006 йил июнь ойида Хитой Халқ Республикаси Юристлар жамияти делегацияси Ўзбекистон Судьялар Ассоциациясига ташриф буюрган.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори, Адлия Вазири, Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси ва Хитой Халқ Республикаси Юристлар жамияти ўртасида ҳуқуқшунослик соҳасида узоқ муддатли муносабатлар ўрнатиш ва уларни қўллаб қувватлашга қаратилган ҳамкорлик тўғрисидаги “Меморандум” (келишув битими) имзоланган.

Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси аъзолари – Ўзбекистон Контитуциявий суди, Олий Суд ва Олий Хўжалик судидан вакиллар Москва шаҳрида, шунингдек, Қозоғистон, Белоруссия давлатларида бўлиб ўтган анжуманларда фаол қатнашиб келишган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) хамда Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси ўртасида инсон хуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш сохасида хамкорликни янада яхшилаш тўғрисида Келишув битими тузилган. Ушбу келишувга асосан Олий мажлис инсон хуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан ҳудудлар бўйича ташкил этилаётган давра сухбатлари ва семинар машғулотларида Ўзбекистон Судьялар Ассоциациясининг жойлардаги филиалларидан вакиллар иштироки мунтазам йўлга қўйилган.

Республика миқёсида бўладиган семинар машғулотлари ва конференцияларда Ўзбекистон Судьялар Ассоциацияси рахбарияти доимий равишда ўз маъруза ва фикр мулохазалари билан фаол қатнашиб келади.

Ассоциация рахбарияти, консультантлари, аъзолари ва шунингдек Суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб қувватлаш жамоатчилик Маркази раиси томонидан суд фахрийларининг мурожаатлари йил давомида мунтазам равишда ўрганилиб, имкон даражасида уларга ҳуқуқий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келадилар.

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман томонидан юборилган фуқароларнинг суд хуқуқ тизими соҳасига оид ариза ва шикоятлари жамоатчилик асосида ҳуқуқий экспертиза қилинди ва қонун доирасидаги хулосалар берилди.

Умуман олганда, Ассоциация 2018 йил давомида 17 та лойихада 124 маротаба иштирок этиб, кўплаб фикр ва мулоҳазаларни ўртага ташлади. Уставда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда одил судловни амалга оширишда қонун устуворлигини таъминлаш ва судлар мустақиллигини кучайтириш мақсадида Судьялар олий кенгаши билан бўлган икки томонлама хамкорлик янада мустахкамланди.

Аниқ белгиланган режага асосан ўтган йилнинг июль, август ойларида Ассоциация биносида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий Суд рахбарияти ва Ассоциация аъзолари хамда уч юз эллик нафарга яқин қатнашчилар иштирокида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисод судларида судьялик лавозимига илк маротаба тайинланган судьялар ва судьялик лавозимига захирада турган номзодларнинг ота оналари ва турмуш ўртоқлари билан тўрт маротаба, сентябрь ойида икки юзга нафар яқин иштирокчилар қамраб олинган Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий вилоятларида, октябрь ойида эса Республика Олий Суди биносида онлайн тарзда видеоконференцалоқа тизимида республика миқёсидаги учрашувлар ташкил этилди. Учрашувда соханинг етук мутахассислари ва фахрийлар томонидан ёш судьяларнинг хизмат ва мансаб ваколатлари юзасидан олиб бораётган фаолиятида уларнинг оила аъзолари томонидан қўйиладиган ноўрин талаблар, бойлик орттиришга ружу қўйиш каби ёмон иллатларга берилмаслиги, шунингдек, уларнинг ота оналари томонидан ҳам тушунтириш, назорат қилиш борасида тавсиялар берилди.

Ана шундай эзгу ишларни кенг оммага етказишда амалга оширилаётган лойихалар Ассоциация муассислигида чоп этилаётган “Huquqshunos” журнали сахифаларида доимий равишда кенг ёритиб борилган. Натижада кўп сонли муштарийларнинг янги ахборотлар билан таъминланишига эришилган.

Сўнгги йилларда сиёсий, ижтимоий хуқуқий, маънавий маърифий нашрга айланиб бораётган журнал сахифаларида “Бугуннинг гапи”, “Нуқтаи назар”, “Судьялик улкан маъсулият”, “Сўз ва амал уйғунлигига эришайлик”, “Эъзоздаги фахрийлар”, “Қўлёзмалар қатидан”, “Қадрият”, “Бир жиноят изидан” номли янги рукнлар орқали ўз ўқувчиларининг диққат эътиборига сазовор бўлмоқда.

Дархақиқат, қонун устуворлигига эришиш ва инсон манфаатларининг ҳимояси ҳар нарсадан устун эканлиги бугунги кунда давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Юртимизда кечаётган суд ҳуқуқ ислоҳотларининг жадаллашувига, ҳуқуқий, демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуришга ҳисса қўшиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини доимо ҳимоя қилишда қонун устуворлигини таъминлаш, суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишда фаол иштирок этиш Судьялар Ассоциациясининг муҳим вазифаларидандир.

 

Маълумотномани Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси консультанти Отабек ҚОДИРҚУЛОВ тузди ва веб сайтга жойлаштирди.