Марказ фаолияти

Ассоциация таркибини унинг Марказий кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар  ва Тошкент шаҳрида тузиладиган филиаллари ташкил қилади.
Ассоциация раҳбар органларига Съезд ва Марказий кенгаш киради. Ассоциациянинг олий органи беш йилда бир марта чақириладиган съезддир.
Съезд Марказий кенгаш ташаббуси билан, Ассоциация филиаллари ёки аъзоларининг учдан бир қисмининг талаби билан  чақирилиши мумкин.
Съезднинг чақирилиш вақти, жойи ва кун тартиби ҳақида Марказий кенгаш томонидан Съезд ўз ишини бошлайдиган кундан камида бир ой илгари хабар  қилинади. Съездда қатнашувчи делегатлар сони Марказий кенгаш томонидан белгиланади.
Съезд сайланган делегатларнинг учдан икки қисми қатнашган ҳолда  ваколатли ҳисобланади. Барча қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Ассоциацияни тугатиш ҳақидаги қарор Съездда қатнашаётган делегатларнинг учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади. Овоз бериш тартиби Съезд томонидан белгиланади. Съезднинг мутлоқ ваколатларига қуйидагилар киради:
а) Уставга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
б) Марказий кенгаш аъзоларини ҳамда Ассоциация раисини сайлаш;
в) Тафтиш комиссиясини сайлаш;
г) Марказий кенгаш ва Тафтиш комиссиясининг ҳисоботларини тинглаш;
д) Ассоциациянинг халқаро ташкилотларга кириш ёки улардан чиқиш тўғрисидаги шартнома ва қарорларини тасдиқлаш;
е) Ассоциацияни қайта ташкил этиш ва уни тугатиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш.
Съездлар орасида Ассоциациянинг ижро органи  бўлиб, Съезд томонидан беш йил муддатга, очиқ овоз бериш йўли билан сайланадиган Марказий кенгаш ҳисобланади. Марказий кенгаш йигирма бир нафар аъзо ва муқобиллик асосида сайланадиган, бошқа вазифалардан озод қилинган, иш ҳақи билан таъминланадиган Ассоциация раисидан иборат таркибда бўлади. Марказий кенгаш мажлислари заруратга қараб, лекин камида бир йилда бир марта ўтказилади. Марказий кенгаш  мажлисида, кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашаётган бўлса, қарор қабул қилишга ваколатли бўлади.
Марказий кенгашнинг ваколати қуйидагилардан иборат:
а) Кенгаш аъзолари орасидан Ассоциация раисининг ўринбосарини сайлаш, съездга тайёргарлик кўриш ва Съезд қарорларининг ижросини таъминлаш;
б) Съездлар орасида ассоциация фаолиятига  раҳбарлик қилиш, Ассоциациянинг жойлардаги филиал кенгашларининг низомларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
в) Ассоциация филиал кенгашлари раисларининг ҳисоботларини эшитиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш;
г) Ассоциациянинг молиявий ва хўжалик масалаларини  ҳал қилиш;
д) Тафтиш комиссиясининг  ҳисоботларини эшитиш;
е) Съездда тасдиқлаш учун Ассоциациянинг даромадлари ва  харажатлари ҳақидаги ҳисоботни тайёрлаш;
ж) Ассоциация раисининг эгаллаб турган лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги аризасини кўриш ва Съезд  чақирилгунга қадар  бу вазифани  бажаришни раиснинг ўринбосарларидан ёки Марказий кенгаш аъзоларидан бирига юклаш;
з) Ассоциация аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғармалар таъсис этиш, жамғарманинг Уставини тасдиқлаш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда жамғарманинг директорини тайинлаш,  жамғарма фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни  тинглаш ва уларни  тасдиқлаш, жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
и) уставдан келиб чиқадиган ҳамда Съезднинг мутлоқ  ваколатига кирмайдиган бошқа вазифаларни амалга ошириш.
Ассоциациянинг молиявий ва хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси Съезди Тафтиш комиссиясини сайлайди.
Тафтиш комиссияси раис ва икки нафар аъзодан иборат таркибда, очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.
Ассоциациянинг молиявий ва хўжалик фаолияти заруратга қараб, лекин камида бир йилда бир марта тафтиш қилиниб, натижалари ҳақида Марказий кенгашга ёки Съездга ахборот берилади.
Ассоциация раисининг ваколатлари ва ҳуқуқлари қуйидагилардан  иборат:
а) Съезд ва Марказий  кенгаш  мажлисларида раислик қилиш;
б) Ассоциациянинг фаолиятига бевосита  раҳбарлик қилиш;
в) давлат органларида, бошқа ташкилот ва муассасаларда ҳамда чет элларда  Ассоциация номидан иш олиб бориш;
г) Ассоциация номидан шартномалар тузиш;
д)  Ассоциация манфаатлари учун  зарур бўлган баъзи бир  вазифаларни бажариш учун Ассоциациянинг бошқа аъзоларига ваколат бериш;
е) Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясида фаолият кўрсатаётган ходимлар билан меҳнат шартномалар тузиш, ходимларнинг штат жадвалини  тасдиқлаш, зарур ҳолларда унга  тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
ж) эгаллаб турган лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги ариза билан Марказий кенгашга мурожаат қилиш ҳуқуқларига эга.
Ассоциация раиси ўринбосарларининг ваколатлари Ассоциация раиси томонидан белгиланади. Ассоциациянинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали раиси лавозимига кўра Ассоциация раисининг жамоатчилик асосида ўринбосари ҳисобланади. Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар филиалларининг юқори органи, унинг барча аъзолари қатнашадиган заруратига қараб, лекин икки ярим йилда камида бир марта чақириладиган  Конференциядир.
Конференцияни чақириш вақти, жойи ва кун тартиби филиал кенгаши томонидан Конференция иштирокчиларига камида ўн кун илгари маълум қилинади. Конференция икки ярим йил муддатга очиқ овоз бериш йўли билан уч-беш нафар аъзодан иборат филиал  кенгашини ва жамоатчилик асосида фаолият юритадиган филиал  раисини сайлайди. Филиал раиси судьялар билан ўтказиладиган барча анжуманларда қатнашиши мумкин. Филиал  кенгаши мажлислари заруратга қараб, лекин бир йилда камида бир марта ўтказилади. Филиал кенгаши мажлисида, кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашаётган бўлса, у қарор  қабул қилишга ваколатли бўлади.
Филиал кенгаши қарорлари оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди. Улар белгиланган тартибда тегишли адлия органларида ҳисоб рўйхатига олиниб, ўз фаолиятини Марказий кенгаш томонидан тасдиқланган Низом асосида олиб боради.
Ассоциация филиаллари кенгашларининг ваколатлари қуйидагилардан иборат:
а) Съездга ва Конференцияга тайёргарлик кўриш ва уларнинг қарорлари ижросини таъминлаш;
б) Конференциялар орасида филиал фаолиятига раҳбарлик қилиш;
в) судьяларни Ассоциация аъзолигига қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш;
г) филиал фаолиятлари тўғрисида ҳисоботлар тайёрлаш ва уларни Марказий кенгашга тақдим этиш;
д) судьяларнинг малакаларини ошириш мақсадида ўқув машғулотлари, семинарлар ва конференциялар ташкил этиш.
Ассоциация филиали  раисининг ваколатлари ва ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:
а) филиал кенгаши мажлисларига раислик қилиш;
б) филиал фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш;
в) Ассоциацияга аъзоликка кириш ва аъзоликдан чиқиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш ва уларни филиал кенгаши муҳокамасига  киритиш;
г) эгаллаб турган лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги ариза билан филиал кенгашига мурожаат қилиш ҳуқуқларига эга.